Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Халқ таълими вазирининг ўринбосарларини тайинлади ва улар вазирлик ходимларига таништирилди. Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Президент қарорига кўра, Халқ таълими вазири ўринбосари вазифасини бажариб келган Алишер Умаров Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари, вазир ўринбосари вазифасини бажариб келган Отабек Назиров ва Сарвар Бобохўжаев вазир ўринбосари лавозимига тайинланди.

Шунингдек, Халқ таълими вазирига яна икки нафар ўринбосар тайинланди. Улардан бири Дилшод Кенжаев айни вақтда фаолиятини Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши раисининг биринчи ўринбосари сифатида иш бошлаган Алишер Саъдуллаев ўрнини эгаллади.

Бунгача Дилшод Кенжаев Вазирлар Маҳкамасининг маданият-санъат ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаментининг ёшлар сиёсати ва маънавий ривожлантириш масалалари шўъбаси раҳбари лавозимида фаолият юритиб келган.

Яна бир бўш турган Халқ таълими вазири ўринбосари лавозимига Иброҳим Жўраев тайинланди. У ҳудудий бошқармалар фаолиятини ҳамда мактабларни қуриш, таъмирлаш ва жиҳозлаш масалалари бўйича жавобгар бўлади.

Иброҳим Жўраев давлат хизматида охирги иш жойи Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида вазир ўринбосари лавозимида фаолият юритган.