Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида давом этаётган оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионатида -61 кг вазн тоифасида эркаклар ўртасида «А» гуруҳи баҳслари ўтказилди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Ушбу вазнда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Адҳамжон Эргашев даст кўтаришда 136 кг., силтаб кўтаришда эса 157 кг. тош кўтарди. Умумий ҳисобда 293 кг. натижа кўрсатган Адҳамжон жаҳон чемпионатида олтинчи ўринни эгаллади.

Даст кўтаришдаги 136 кг. натижа орқали 19 ёшли Адҳамжон ёшлар ўртасидаги рекордни янгилади. Ўзбекистонлик полвон ушбу натижани катталар ўртасидаги мусобақада қайд этган бўлса-да, жаҳон чемпионатида бундай тоифадаги рекордлар ҳам алоҳида инобатга олинади.

Эслатиб ўтамиз, Эргашев шу йил Тошкент шаҳрида ўтказилган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида даст кўтаришда 135 кг., силтаб кўтаришда 160 кг., умумий ҳисобда 295 кг. натижа билан жаҳон чемпиони бўлганди.