2019−2023 йилларда пахта хом ашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологиялари жорий этилади. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида президентнинг шу ҳақдаги қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.

Ҳужжат лойиҳасига кўра, 2019−2023 йиллар даврида:

  • тижорат банклари томонидан кластерлар, фермер хўжаликлари ва пахта хом ашёсини етиштирувчи бошқа ташкилотлар ҳамда томчилатиб суғориш тизимлари, уларнинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқарувчи ташкилотларга ажратилган тижорат банклари кредитларининг фоизларини қоплаш учун давлат томонидан белгиланган тартибда субсидиялар ажратилади;
  • кредит маблағларини ажратишда суғурта компанияларининг кредитнинг қайтмаслик хатарининг суғурталанганлиги тўғрисидаги полиси, кредит маблағлари ҳисобига сотиб олинган томчилатиб суғориш тизимлари қийматининг 80 фоизи ва бошқа мол-мулклар гаров предмети бўлиб ҳисобланади;
  • замонавий томчилатиб суғориш технологияси, уларнинг технологик асбоб-ускуналари, бутловчи ва эҳтиёт қисмлари, махсус техника ва механизмлар ҳамда зарур хом ашё материаллари (фақат томчилатиб суғоришда фойдаланиладиган қисми учун) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари) тўлиқ озод қилинади;
  • маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб қувватлаш мақсадида томчилатиб суғориш тизимлари бутловчи қисмларини ишлаб чиқарувчи корхоналар 2019−2023 йиллар давомида барча (қўшимча қиймат солиғидан ташқари) солиқлардан озод қилинади;
  • ушбу солиқлардан озод бўлган маблағлар корхонанинг моддий техник базасини яхшилашга йўналтирилиши алоҳида назоратга олинади;
  • замонавий томчилатиб суғориш тизимларини жорий қилишга сарфланган маблағларнинг кластерлар ва бошқа пахта хом ашёсини етиштирувчи ташкилотларга 25 фоиз қисми, фермер хўжаликларига 50 фоиз қисми давлат бюджети ҳисобидан субсидия тариқасида қоплаб берилади.

Томчилатиб суғориш тизимлари пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ташкилотчилари ва кластерлари ҳамда бошқа пахта хом ашёсини етиштирувчи ташкилотлар томонидан уларга пахта етиштириш учун берилган майдонларда ҳамда фермер хўжаликлари томонидан уларга ижарага берилган ер майдонларида босқичма-босқич жорий қилинади.