«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ томонидан навбатдаги буйруқ қабул қилинди. Унга кўра ҳафтанинг ҳар жума кунида жамият ва унинг таркибидаги корхоналарда хизмат машиналаридан фойдаланиш тақиқланади. Шу куни барча раҳбарлар ва бошқа ходимлар ўзларига ажратилган хизмат автомобилларидан фойдаланмаган ҳолда жамоат транспортида ишга келадилар ва кун давомида эҳтиёжга қараб жамоат транспортидан фойдаланадилар.Бу ҳақда «Тошшаҳартрансхизмат» матбуот хизмати хабар берди.

Вазият тақазоси билан бошқа кунларда ҳам раҳбарлар эрта тонгдан автобусда юриб, транспорт хизмати сифатига йўловчи назари билан эътибор қаратадилар. Бу жараёнда йўловчилар кайфияти, уларнинг норозилигига сабаб бўлаётган муаммоларни ўрганадилар.

Бундан кўзланган асосий мақсад ҳар бир раҳбар оддий йўловчи сифатида автобусда кечадиган жараёнларни бевосита кузатсин, у ердаги муаммоларни юракдан ҳис этсин. Шу аснода ишга бўлган муносабатини ўзгартириб, ўз-ўзига бўлган талабчанлик ҳамда масъулиятни яна оширишсин, дейилади матбуот хизмати хабарида.

Тизим раҳбарияти, бу жараёнда ҳайдовчи ва чиптачиларнинг махсус кийимдалигига, ташқи кўриниши санитария ва гигиена талабларига мослигига, йўловчиларга кўрсатилаётган муомала маданияти, йўл ҳаракати қоидларига амал қилиниши, оралиқ бекатларда ортиқча туриб қолиш каби қатор масалалар устидан назорат олиб борадилар. Аниқланган камчилик ва мауммолардан келиб чиқиб зарур чора-тадбирлар белгиланади. Мазкур буйруқда белгиланган чоралар кундалик ўрганишлар натижасидан келиб чиқиб қўшимча тарзда қабул қилинди.

Мазкур буйруқ орқали бевосита йўловчилар билан боғлиқ муаммо ва камчиликларга чек қўйиш, йўловчи ташиш ишини бир маромда ташкил этиш, энг муҳими хавфсизликни таъминлаш, аҳолининг транспортга бўлган эҳтиёжини тўла ва сифатли қондиришдир.

Ушбу ташаббусдан кўзланган яна бир муҳим жиҳат жамият томонидан пойтахт йўлларидаги транспорт тирбандлигининг олдини олишга, атмосфера мусаффолигини таъминлашга ҳисса қўшишдир.