Ўзбекистон 18−20 сентябрь кунлари Пхеньян шаҳрида бўлиб ўтган Корея Республикаси президенти Мун Чже Ин ва КХДР Давлат кенгачи раиси Ким Чен Ин иштирокидаги саммитнинг тарихий якунларини қўллаб-қувватлайди, дея хабар қилди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги.

«Эришилган келишувлар икки давлат лидерларининг конструктив алоқалар ҳамда кореялараро муносабатларни сифат жиҳатдан янги ўзаро ишонч, дўстлик ва ҳамкорлик асосида шакллантириш борасидаги қатъий қарори ва қобилиятидан гувоҳлик бермоқда», — дейилади баёнотда.

Ўзбекистон Марказий Осиёда ядро қуролидан ҳоли ҳудудни ташкил этиш ташаббускори сифатида Корея ярим оролини тўлиқ денуклеаризация қилиш борасидаги томонлар кўрсатган сиёсий ирода ва уларнинг интилишларини юксак баҳолайди.

Ўзбекистон саммитда қабул қилинган Пхеньян Декларацияси қоидаларининг амалда ҳаётга татбиқ этилиши шубҳасиз минтақада ўзаро ишонч, мустаҳкам тинчлик ва барқарорни мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдиради.

Саммит якунлари бўйича қўшма декларацияда Жанубий ва Шимолий Корея раҳбарлари Сариқ ва Япон денгизлари чегара ҳудудларида 80 километрлик зона ташкил этиш, ушбу ҳудудда ҳарбий машғулотлар ўтказмаслик, ҳарбийларни демилитация қилинган ҳудуддан олиб чиқиш, Пханмунжом чегара пунктини қуролсизлантиришга келишиб олди.

Келишув йирик миқёсли артиллерия машғулотлар ва демилитация қилинган зона яқинидан ҳарбий парвозларга барҳам беришни ҳам кўзда тутган.

Бундан ташқари, Шимолий Корея Тончхоннидаги ўз ракета полигонини ёпиш ва Йонбёндаги ядро объектини бузишга ҳам розилик берди.