Жорий йилнинг 18 сентябрь куни соат 07:30 лардафуқаро В.Қобилов бошқарувидаги «Вобкент Гулшани» МЧЖга тегишли бўлган, «ИСУЗИ» русумли, 80 Y 120 КА давлат белгили автобус Когон туманидаги «Zelich oil» метан газ қуйиш шаҳобчасидан ёқилғи қуйиб, тахминан 700 метр масофа юргандан сўнг, мазкур А380 автомобиль йўли «Когон-Қоровулбозор» йўналишининг 201 км.да ҳаракатланиб кетаётганида, автоулов газ балони портлаган.

Натижада, автобусда йўловчи сифатида кетаётган 26 нафар фуқаро жароҳатланиб, уларнинг 4 нафари ҳодиса жойида ва 1 нафари шифохонадавафот этган, қолган 21 нафар йўловчининг 5 нафари оғир, 7 нафари ўрта оғир ҳамда 9 нафари енгил аҳволда, 5 нафар оғир бемор Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалига, қолганлари эса Когон шаҳар шошилинч тез тиббий ёрдам марказига ётқизилиб, уларга шифокорлар томонидан малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан 2018 йил 18 сентябрда вилоят ИИБ ТБ томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 259-моддаси 2-қисми «а», «б» бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари вилоят ИИБ ТБ зиммасига юклатилиб, вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинди.

Дастлабки тергов давомида судга оид тиббиёт, автотехника ва ёнғин техника экспертизалари тайинланди.

Шунингдек, «Zelich oil» метан газ қуйиш шаҳобчасида автомобилларга ёқилғи қуйиш нормаларига риоя қилиниши аҳволини ўрганиш борасида, мутахассислар жалб қилиниб, ўрганишлар олиб борилмоқда.

Аниқланишича, Қоровулбозор туманидаги «Рахмон Ахмад» фермер хўжалиги раиси Р.Аҳмедов Вобкент тумани «Пушмон» МФЙ, «Ҳайрабодча» қишлоғида яшовчи Г.Розиқова томонидан 25 нафар фуқародан иборат қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилиш учун ташкил қилинган мавсумий мадад гуруҳи билан фермер хўжалигида экилган маккажўхори сўтасини олиш учун Вобкент туманидан Қоровулбозор туманига олиб кетаётган вақтда ушбу ҳодиса содир бўлган.

Жабрланганларнинг оилаларига ижтимоий кўмак бериш бўйича барча чоралар кўрилмоқда.