Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси бошлиғига бириктирилган пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги 65518 та хонадонлар ўрганилганда ва аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар жараёнида фуқаролар томонидан кўтарилган 1127 та муаммоли масалага ечим топилди, дея хабар қилди бошқарма матбуот хизмати «Газета.uz"га.

Жойларда ўтказилган учрашувларда сектор раҳбарининг амалий кўмаги билан яшаш шароити оғир бўлган 6 та хонадоннинг уй-жойлари таъмирлаб якунига етказилди, 25 тахонадонда эса таъмирлаш ишлари давом эттирилмоқда.

Шунингдек, сектор томонидан бугунга келиб ҳудудда 8 та болалар майдончаси қуриб фойдаланишга топширилди. Ҳозирда 12 та болалар майдончаси қурилиши якунланиш арафасида.

Бундан ташқари, хомийлар томонидан ҳудудда истиқомат қилувчи кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож 34 нафар фуқарога ногиронлик аравачаси, 32 нафар фуқарога протез-ортопедия воситалари, эшитиш мосламалари, 363 нафар фуқарога бепул дори-дармон воситалари, 1192 нафар фуқаро озиқ-овқат маҳсулотлари тақдим этилди, 80 нафар фуқарога зарурий маиший-техника жиҳозлари ва 447 нафар фуқарога моддий ёрдам пули ажратилишида амалий ёрдам кўрсатилди.

Ўзбекистон мустақиллигининг 27 йиллиги муносабати билан эса Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти Тошкент шаҳар бўлимининг 300 нафарга яқин аъзоси учун хайрия тадбири ташкил этилиб, улар учун байрам дастурхони ёзилиб, миллий таомлардан ош тортилди. Тошкент ДСБ раҳбари хайрия тадбирида иштирок эта олмаган кўзи ожизлар жамиятининг 50 нафар аъзосининг хонадонига ташриф буюрди. Улар ҳолидан хабар олиб, байрам таоми ва совға саломлар улашди.