5 сентябрь куни тахминан 14:00 да Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманидаги «Шайх Зайниддин» қабристонида 1975 йилда туғилган эркак кишининг қотиллик аломатлари бўлган жасади аниқланди, дея хабар қилди Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати.

Суд-тиббиёт экспертизасининг дастлабки маълумотномасига кўра, Э.М. нинг ўлими бўйин аъзоларининг тўлиқ шикастланишларига, бўйин умуртқаларининг синишларига ва орқа миянинг тўлиқ узилишига олиб келган бўйин олди юзаси кесилган яраси ва бўйин орқа юзаси кесилган-чопилган яраси, чап елка соҳаси қонталаши, ўткир қон йўқотиш, шунингдек ички аъзоларининг кам қонлигидан келиб чиққан.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Дастлабки тергов давомида 1974 йилда туғилган Б.К. жиноят иши бўйича гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган.

Жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.