Президент Шавкат Мирзиёев 2 сентябрь куни Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига ташриф буюриб, Биринчи президент ҳайкали пойига гул қўйди. Унинг ёрқин хотирасига ҳурмат бажо келтирди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

«Бу Шавкат Мирзиёевнинг ўз устози, мустақиллигимиз асосчиси бўлган Ислом Каримовга юксак ҳурматининг яна бир ифодаси бўлди», — дейилади хабарда.
Давлат раҳбарининг 2017 йил 25 январдаги «Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ 2 сентябрь Хотира куни этиб белгиланган. Бу куни Ислом Каримовнинг ҳаёти ва серқирра фаолиятини ёд этиш яхши анъанага айланган.

Гул қўйиш маросимида парламент ва ҳукумат аъзолари, фан ва маданият намояндалари, ёшлар, кенг жамоатчилик иштирок этди.

Биринчи Президентнинг Самарқанд ва Қарши шаҳарларидаги ҳайкаллари пойига ҳам гуллар қўйилди.