Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида Осиё ўйинлари давом этмоқда. Бугун таэквондо мусобақасида аёллар ўртасидаги баҳсларда -67кг вазн тоифасида ўзбекистонлик Нигора Турсунқулова ярим финалга қадар етиб борди ва бронза медалини қўлга киритди. Бу ҳақда olamsport.com хабар берди.

У ярим финал баҳсида таэквондо ватани — Жанубий Корея вакили Жанди Кимга 4:14 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. Эркин ва юнон-рум кураши, дзюдодан фарқли равишда таэквондо мусобақасида ярим финалда ютқазган спортчилар тўғридан-тўғри бронза медалига эга бўлишади.

Яна бир ўзбекистонлик таэквондочи Ниёз Пўлатов терма жамоага олтинчи медални тақдим этди. Пўлатов ҳал қилувчи финал баҳсида Жанубий Корея спортчиси Ким Таэ Хунга 6:24 ҳисобида имкониятни бой бериб, кумуш медаль соҳибига айланди.

Бу билан терма жамоа ҳисобидаги медаллар сони 6 тага етди ва Ўзбекистон терма жамоаси медаллар жамғариш бўйича 7-ўринга кўтарилиб олди.