Қозоғистоннинг Остона шаҳрида ўсмирлар ва қизлар ўртасида бокс бўйича халқаро турнир ўтказилди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Унда Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Мўғулистондан 200 га яқин спортчилар ғолиблик учун рингга чиқди.

Вазни 46 килограмм бўлган боксчилар ўртасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Дилшод Абдуллаев барча рақибларини мағлубиятга учратиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.

Шунингдек, Шоҳрух Рўзибоев, Руслан Абдуллаев ва Логин Петров ўз вазн тоифасида терма жамоага кумуш медаль келтирди. Шоҳжаҳон Абдуллаев эса 80 килограмм вазн тоифасида бронза медалига сазовор бўлди.

Шу тариқа, Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси биттадан олтин ва бронза, учта кумуш медалга эга бўлди.