2018 йил 8 август куни соат 23:45 ларда Юнусобод тумани, А.Қодирий кўчаси, 1-а-уйда жойлашган «Aurum» тунги клуби кириш эшиги олдида Ж.Кенжаев «Aurum» тунги клуби қўриқчилари Ш. Ильясов ва А.Мирзаев билан ўзаро жанжаллашиб, ёнида бўлган ошхона пичоғи билан Ш. Ильясовга ва А.Мирзаевга тан жароҳатлари етказган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати «Газета.uz"га хабар берди.

Жанжал давомида воқеа жойида бўлган «Aurum» тунги клубида қўриқловчи ёрдамчи Ш.Қиличов фуқаро Ж.Кенжаевни қўлидан ошхона пичоғини тортиб олиб, унга санчиб, тан жароҳатлари етказган.

Тан жароҳатлари олган Ш. Ильясов 7-сонли ШКШга, А.Мирзаев 1-сонли Республика клиник шифохонасига ётқизилган.

Олган тан жароҳатлари билан Ж.Кенжаев Юнусобод туманидаги 7-сонли ШКШга ётқизилиб, тез тиббий ёрдам кўрсатилса-да, етказилган тан жароҳатлари натижасида вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан 09.08.2018 йилда Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Ш.Қиличовга нисбатан ЖКнинг 25, 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, уЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган.

Ҳозирда жиноят ишиюзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари Тошкент шаҳар прокуратураси Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, халқаро тоифадаги спорт устаси бўлган Жамшид Кенжаев Ўзбекистон эркин кураш терма жамоаси сафида бир қатор халқаро мусобақаларда иштирок этган.