18 август куни Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида XVIII Осиё ўйинлари старт олади. 7 август куни Миллий олимпия қўмитаси биносида ушбу мусобақада иштирок этадиган спортчиларимизни расмий кузатиш маросими ташкил этилди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Унда Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, Ўзбекистон Республикаси Президент девони масъул ходими Зафар Бакиев, Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Жасур Матчанов, етакчи спортчилар, спорт федерациялари вакиллари ва оммавий ахборот воситаси ходимлари иштирок этди.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов очиб берди.

Шунингдек, жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев ҳам сўзга чиқиб, спортчиларга омад тилади.

Шундан сўнг Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Жасур Матчанов Ўзбекистон спорт делегацияси учун эксклюзив тарзда ишлаб чиқарилган спорт либослари ҳақида гапирди.

«Осиё ўйинларида Ўзбекистон спорт делегациясига чет эл компаниялари томонидан қизиқиш бу даражада бўлади деб ўйламагандик. Спорт экипировкалари бўйича чет эл компаниялари бизга таклиф билан чиқишди. Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Хитойнинг „QIERTE Co. Ltd“ компанияси томонидан PRES-JOG бренди остидаги спорт либосларини танлади. Экипировкаларни танлашда Индонезиянинг субтропик иқлими, у ернинг ёмғирли об-ҳавоси ҳисобга олинди. Умид қиламанки, ушбу либослар биз учун омадли бўлади», — деди Жасур Матчанов.

Сўнгра Азиз Абдуҳакимов делегация байроқдори Исроил Мадримовга тантанали равишда Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғини топширди.

Тадбир давомида шунингдек, Рио Олимпиадаси чемпиони Ҳасанбой Дўсматов сўзга чиқиб, олдинда турган мусобақа ниҳоятда масъулиятли эканлиги ҳақида гапирди.

Эслатиб ўтамиз, 18 август куни бошланадиган Осиё ўйинларида Ўзбекистон шарафини 232 нафар спортчи 30 та спорт тури бўйича ҳимоя қилади.