Жиззахдаги «Фориш» тоғ полигонида Ўзбекистон ҳамда Қозоғистон махсус операция кучлари иштирокида икки мамлакат ўртасидаги қўшма машғулотларнинг иккинчи босқичи бўлиб ўтди, дея хабар қилди Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.

Ҳамкорликдаги ҳарбий машғулотларнинг биринчи босқичи 10−16 июль кунлари Қозоғистоннинг «Матибулақ» полигонида бўлиб ўтган эди. Машғулотлар жараёнида десант тушириш ва ҳарбий хизматчиларнинг тактик ҳаракатлари синовдан ўтказилди.

Ноқулай иқлим шароитларида тоғли ҳудудларда шартли ноқонуний қуролланган кучлар таҳдидини қайтаришга қаратилган машқлар орқали икки мамлакат ҳарбий хизматчилари жаҳонда ва минтақада кескин ўзгариб бораётган ҳарбий сиёсий вазият, миллий ва глобал хавфсизлик соҳасида рўй бериши мумкин бўлган хатар ва таҳдидларга қарши курашишнинг энг маъқул усул ва услубларини қўллаш борасида ўзаро тажриба алмашдилар.

Томонларнинг ўзаро аниқ ҳаракатлари натижасида, ҳар икки давлат ҳудудида махсус операцияларни ўтказишда контингентларни бошқариш ва уларни тўлиқ таъминлаш масалалари ишлаб чиқилди.


Машғулотларнинг иккинчи кўринишида шартли душманннинг жанговар техникалари ва тирик кучларига СУ-25 жанговар самолётлари ва МИ-24 вертолётларидан қақшатқич зарбалар берилди.


Тактик-махсус машқлар натижаларига кўра, Ўзбекистон ва Қозоғистон Қуролли Кучларининг махсус операция кучлари бўлинмаларига юкланган вазифалар муваффақиятли бажарилди.

Ўқув машқларида 15 га яқин Ўзбекистон Қуролли Кучлари авиация техникалари, 10 дан ортиқ артиллерия қурилмалари ҳамда Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг 50 нафардан ҳарбий хизматчиси жалб этилди.

Ҳамкорликлаги ўқув машғулотлари доирасида Ўзбекистон Қуролли Кучлари ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалари намойиши бўлиб ўтди.

Ҳамкорликдаги ҳарбий машғулотларнинг ёпилиш маросимида Қозоғистон мудофаа вазири Сакен Жасузаков ва Ўзбекистон мудофаа вазири Абдусалом Азизов иштирок этди.