Жорий йилнинг биринчи ярмида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 26442 нафар шахсга нисбатан 20283 та иш кўриб чиқилди. Бу ҳақда Олий суд расмий вакили Азиз Обидов «Газета.uz"га маълум қилди.

Жумладан, 375 нафар шахс оқланди ва реабилитация қилинди, судланган шахслар сони 19683 нафарни ташкил этиб, шундан 4828 нафар шахсга озодликдан махрум қилиш ва 13657 нафарига бошқа турдаги жазолар тайинланди, 1198 нафар шахс шартли ҳукм қилинди.

Шунингдек, 1770 нафар шахс озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланиши муносабати билан суд залидан озод қилинди, 15504 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 4791 нафарига тайинланган жазоси енгили билан алмаштирилди, 4101 нафар шахсга нисбатан дастлабки тергов органлари томонидан асоссиз равишда қўйилган моддалар айбловдан чиқариб ташланди ёки қайта малакаланди.

Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан айрим жиноят турлари, хусусан, қасддан одам ўлдириш, номусга тегиш, босқинчилик, талончилик, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, ўғрилик, пора олиш ва бериш, пора олиш-беришда воситачилик қилиш, безорилик, гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш, транспорт воситасини олиб қочиш, қасддан баданга оғир ва ўртача оғир шикаст етказиш каби жиноятлари учун судланганлик кўрсаткичлари камайди.

Ҳисобот даврида ярашув институтининг самарали қўлланилиши натижасида 4 634 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод этилди.

Етказилган 196,1 млрд сўмдан зиёд моддий зарарнинг ўрнини қоплаган 2 226 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган.

9032 та жиноят иши, яъни барча ишларнинг қарийб 45 фоизи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан назорат тартибида 678 нафар шахсга нисбатан 524 та иш кўриб чиқилди. 53 нафар шахсга нисбатан қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилинди ва 266 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.