Қаттақўрғон ИИБ тезкор вакили Санъат Умаровнинг фуқаро Н.Т.ни шаҳар ИИБ биносида ҳақорат қилиб, ечинтиришга мажбур қилгани тасвирланган видео ижтимоий тармоқларда жуда кенг муҳокама қилинмоқда. Биз уларнинг баъзиларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Расул Кушербаев, Олий Мажлис депутати: «Улар ўғри деб гумон қилинган аёлни эмас, бутун бошли миллатни, халқни, давлатни ечинтирибдилар. Қонунларимизни, оримизни, эркак деган номимизни оёқости қилибдилар… Ҳайф, ҳайф, ҳайф».

Давронбек Тожиалиев: «Муаммонинг сабаби ҳам, ечими ҳам эркакда, унинг диёнатида. Афсус, ўз аёлига эга чиқолмаган, ўзга аёлнинг номусидан қўрқмайдиган (миллат) эркак бир кун бошқаларга қул бўлишга маҳкумдир. Бизни буюклар сафига киритган тарихда аёл ҳеч қачон бу қадар хўрлатилмаган. Буюкларимиз аёлнинг (айниқса, ўзига бегона аёлнинг) дахлсизлигини, иззатини жойига қўйганлар».

Фарҳод Толипов: «Аёлни хўрлаган милиция ходими билан боғлиқ тергов жараёнларини ошкора тарзда олиб бориш ва имкон қадар тезлаштириш керак. Акс ҳолда турли фаразлар, тахминлар ва гипотезалар урчиб кетади. Бу эса бора-бора жамоатчиликнинг фикрини чалғитиши ва айбдор енгил жазо билан қутилиб кетиши мумкин».

Санжар Назар: «Хуллас, мен таҳқирланган аёлдан кўра кўпроқ терговчига ачиндим. Ҳа, унга ачинишимиз керак. Чунки у бечора онадан шундай ғайриодам бўлиб туғилмаган. Уни тизим, тузум ва жамият шундай махлуққа айлантирган. Биз тарбиялаб олганмиз «порночи Санъат мелиса"ларни. Ўзимизнинг бефарқлигимиз, қўрқоқлигимиз, эрксизлик ва ҳақсизликка розилигимиз билан яратганмиз.

Менимча, нафратимизни «порночи Санъат мелиса"ларни етиштириб берган тизимга, жамиятга (бу жамият мен ва сиздан ташкил топганлигини унутманг!) йўналтиришимиз тўғрироқ бўлади. Каттақўрғонлик Санъатни кўпчилик таклиф қилаётгандек қозиққа ўтқазиш билан Тўрақўрғондаги, Хонқадаги, Яккасаройдаги, Қўқондаги, Деновдаги «Cанъатлар"ни бироз қўрқитиб қўярмиз балки, аммо қулай шароит туғилиши биланоқ, бироз бошқа қиёфаларда улар бўй кўрсатаверишади. Токи жамиятни, таълим, суд, ҳуқуқ, инсон ҳуқуқлари ҳимояси тизимини ислоҳ қилмагунимизча, токи ўзимизни ислоҳ қилмагунимизча, токи «зулматлардан нурга» элтувчи йўлга ўтмагунимизча…

P. S. Воқеаларнинг кейинги ривожи — хўрланган аёлнинг ҳеч қандай даъвоси йўқ эканлиги гап бир мелисанинг «порно-порно» ўйнагиси келганида эмаслигини янаям теранроқ очиб ташлади. Бизни тубдан ислоҳ қилиш керак!

P. P. S. Ўзимга ачиниб кетяпман".

Дилшод Нуруллоҳ: «Ер юзидаги ҳар қайси жамиятнинг маданий даражаси унинг аёлларга бўлган муносабати билан белгиланади». Бу сўзлар мамлакат раҳбарининг яқиндагина хотин-қизлар байрамига бағишланган учрашувдаги нутқида янграган эди.

Давлат берган формага номуносиб ўша нусхага (узр, одам дейишга қўлим бормади) ҳам «раҳмат». Ижтимоий тармоқларни портлатган «ечинтириш операцияси» фонида бугунги маданий даражамизни билиб олдик. Аҳволимиз йиғлагудек. Уят. Айниқса, хориж ОАВси юзимизга кўзгу тутгани жуда аянчли!

Энди нима қилмоқ керак? Одамлар, хусусан ижтимоий тармоқ, Фейсбукдаги йирик виртуал гуруҳлар фойдаланувчилари жазавада. Постларни, изоҳларни ўқиб кўринг. Улар ҳалиги номуссиз «ҳуқуқ ҳимоячиси"дан эмас, кўпроқ бу ҳолатни четдан кузатиб ўтирган мансабдорларнинг, «коттаконлар"нинг сукутидан норизо бўлишмоқда. Бунга асосли сабаблар бор.

Биринчидан, замонавий хориж матбуотида амалдорларнинг «виртуал ҳаракатсизлиги» катта танқид остига олинади. Чунки, АҚШ ёки Россияда кимнингдир мушуги офтоб уриб ўлса ҳам, журналистлар «Озодлик» ёки «ББС"дан эмас, энг аввало Лавров ёки Керрининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасидан маълумот излайди. Тўғрида, одамларга исми сир қолишини истайдиган қайсидир номаълум манбадан кўра, давлат мулозимларининг муносабати муҳим.

Иккинчидан, оммани жунбушга келтирган муайян ҳодиса юзасидан расмийлар изоҳи — давлатнинг ўша воқеага нисбатан позицияси сифатида қаралади. Ва бу ҳол одамларни тизимга, унинг шаффофлигига, ҳукумат халқ фикри билан ҳисоблашиб иш кўришига ишончини оширади. Оломон ҳовуридан тушади.

Ўзбекистон Президенти Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига Мурожаатномасида депутатларга, сиёсий партия раҳбарлари ҳамда етакчиларига, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларига ижтимоий тармоқларда ўз саҳифасини очиши ҳақида кўрсатма берганида ҳам катта эҳтимол билан «виртуал бошқарув механизми"ни шакллантиришни назарда тутган эди.

Хўш, қани ўша механизм? Нега ишламаяптии? Нечта депутат ёки вазир ижтимоий тармоқда ўз аккаунтига эга бўлди? Давлат устунларидан бири бўлган ички ишлар тизими ходимининг бир заифани очиқчасига, ҳеч кимдан ҳайиқмай хўрлаши кичкина ҳодиса эмас. Аммо, ижтимоий тармоқлардаги миллионлаб ўзбекистонлик фойдаланувчиларининг реакцияси орасида расмийлар улуши қанчани ташкил этди? Ноллар ҳам хижолат-а!

Қани ички ишлар вазири? Хотин-қизлар қўмитаси раисичи? (Мазкур пост Танзила Нарбаеванинг мурожаатномас эълон қилинишидан олдинроқ ёзилган — таҳририят) Инсон ҳуқуқлари миллий маркази раҳбарлари хода ютганми? Ўз низомига жимжимадор қилиб «партиянинг асосий мақсади — кучли адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиш ҳамда фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, бирдамлиги, конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланган маънавий жипслашган жамиятни шакллантириш» деб ёзиб қўйган «Адолат» партияси етакчилари, депутатлар нега жим?!Хуллас, саволлар бисёр.

Вазиятни қўлга олинг! Одамларни тинчлантиринг! Қонунсизларга қонуннинг кучини кўрсатинг! Билсангиз, мамлакатда юз бераётган ислоҳотлар қоғозда эмас, амалда бўлаётгани, Ўзбекистонда инсон манфаатлари ҳар нарсадан устун эканини исботлашнинг ҳозир энг қулай пайти! Энди эса микрафон сизга, жаноблар!"

Ғайрат Йўлдош: «Ички ишлар ходимлари ўтган 26 йилда оддий халқдан шунчалик узоқлашдилар ва шунчалик ишончни йўқотдиларки, охирги йилларга келиб халқ формали ходимни кўрса ўзини бехавотир сезиш ўрнига ўзини ноқулай сезиб улардан хавфсирайдиган бўлиб қолди.

Энди ҳолат шундайки ИИВ вазири ва президент ички ишлар тизимини мутлақо тозалаши керак. Чунки бу тизимда ҳанузгача виждонсиз ва нопок кимсалар ишламоқдалар. Бугун ижтимоий тармоқларда тарқалган ички ишлар ходимлари томонидан аёл кишини ечинтирилиши акс этган видео буни тасдиқлайди.

Умид қиламиз, ИИВ вазири ва прокуратура ўша жирканч жиноятни содир этган ходимга тегишли жазони беради.

Мен ўша ходимнинг энг оғир жазо олишии хоҳлайман. Сабаби юрт раҳбари БМТ нинг минбарида Ўзб.да инсон ҳуқуқларини таъминлашни яхшилайман деб турганида у ходимнинг инсонни, аёлни таҳқирлаши бу ватанга хиёнатдан бошқа нарса эмас. Ватанга хиёнат қилганлар эса доим олий жазога тортилган".

Лайло Рустамова: «Назаримда мамлакатимиз хотин-қизлари вакили номидан билдирилган бу муносабат ИИВ ходимларини томонини олиш мақсадида билдирилган! Ҳеч қандай аёл ҳақ-ҳуқуқини поймол қилганга нисбатан нафратни ҳис қилмадим!!!»

Абдуғафур Искандар: «Икки йил олдин бу ишни қилсалар, бунчалик ўкинмас эдик. Аммо бугун — халқ билан давлат бирлашаётган, президент жиддий ислоҳотлар олиб бораётган, халқнинг устидан зулм ва ёлғон кўтарилаётган кунда бундай разолатнинг содир этилиши халққа, давлатга, президентга хиёнатдан бошқа нарса эмас. Шу пайтгача ваколатларидан истаганларича фойдаланишди. Энди етар!»

Санжар Назар: «Ҳар биримиз ўзимизни қип-ялонғоч этиб хўрлангандек ҳис қилмас эканмиз, бу давом этаверади. Бизнинг розилимиз остида давом этади».

Обиджон Латипов: «Дўстлар, Самарқандда биз айсбергнинг учини кўрдик холос».