Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 5 июль куни «Ўзбекистон Республикасининг ташқи меҳнат миграция тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорни имзолади.

Ҳужжатга кўра, 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган юридик шахслар:

  • тегишли лицензия асосида Ўзбекистон фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш бўйича;
  • аккредитациядан ўтган ҳолда хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган Ўзбекистон фуқароларининг касбий малакасини, жумладан, касбий кўникмаларга эга бўлиш ва хорижий тилларни билиш даражасини тасдиқлаш борасидаги фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ташкил этилади.

Қуйидагилар жамғарманинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

  • хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида зўравонлик, мажбурий меҳнат ва камситишдан жабрланган, меҳнат ва бошқа ҳуқуқлари бузилган, оғир молиявий аҳволга тушган ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз, тирикчилик учун маблағсиз қолган фуқароларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш, шунингдек, уларга моддий ёрдам кўрсатиш;
  • меҳнат миграциясида бўлган даврда жароҳатланиш, бахтсиз ҳодиса сабабли тиббий хизмат кўрсатиш талаб этилган фуқароларга, кўрсатилган тиббий хизматлар ҳақини меҳнат мигранти ҳисобидан тўлаш имконияти бўлмаган ҳолларда тўланган маблағлар ушбу фуқаролар томонидан кейинчалик қоплаб берилиши шарти билан, тиббий хизмат кўрсатиш;
  • ишга жойлашган давлатнинг тегишли муассасалари томонидан тасдиқланган ҳолларда республикадан ташқарида меҳнат миграциясида бўлган даврда вафот этган фуқароларнинг жасадларини, шунингдек, хориждаги меҳнат фаолияти вақтида меҳнат қобилиятини йўқотишга олиб келган шикастланиш ёки жиддий жароҳатланган фуқароларни олиб келиш;
  • меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга ташкиллаштирилган тарзда илгари юборилган ва ишга жойлашган мамлакатнинг қонун ҳужжатларини бузиш оқибатида ушбу мамлакат ҳудудидан чиқариб юборилган (депортация қилинган) фуқароларни, тўланган маблағлар ушбу фуқаролар ҳисобидан кейинчалик қоплаб берилиши шарти билан, шунингдек, келишилган меҳнат шароитлари чет эллик иш берувчилар томонидан таъминлаб берилмаган фуқароларни қайтариш;
  • республика ҳудудларида хорижга меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган фуқароларни кетишдан олдинги мослаштириш, касбий тайёрлаш, хорижий тилларга ўқитиш ва билим даражаси юзасидан тест синовлари ўтказиш, фуқароларнинг касбий малакасини тасдиқлаш марказларини ташкил этиш ҳамда жиҳозлаш;
  • хорижда Агентликнинг ваколатхоналарини ташкил этиш ва жиҳозлаш;
  • норасмий меҳнат миграциясининг олдини олишга қаратилган, фуқароларни хорижда ишга ташкиллаштирилган тарзда жойлаштириш тизимини такомиллаштириш масалалари бўйича ахборот-маърифий тадбирларни ўтказиш.

Давлат бюджетидан жамғарма учун 200 миллиард сўм миқдоридаги бир марталик беғараз молиявий ёрдам ажратилади.

Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларга Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига энг кам иш хақининг тўрт ярим баравари миқдорида йиллик суғурта тўловларини ихтиёрий равишда тўлаш тартиби жорий этилади, бунда тўловлар амалга оширилган даврлар белгиланган тартибда меҳнат стажига қўшилади.