Ўзбекистонлик ёш шахматчилар Минскда (Белорусь) бўлиб ўтган шахматнинг блиц ва рапид йўналишида ўсмирлар ўртасидаги иккинчи жаҳон чемпионатида 9 та медаль қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси расмий сайтида хабар берилди.

Ўзбекистон бешта олтин ва тўртта кумуш медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Кейинги ўринларни Россия (2−3−6) ва Украина (2−2−2) банд этди.

Ўзбекистонлик ёш шахматчилар рапид йўналишида 2 та олтин (Ҳумоюн Бегмуротов, Умида Омонова), 2 та кумуш (Афрўза Ҳамдамова, Олмос Раҳматуллаев), блиц беллашувларида эса 3 та олтин (Ҳумоюн Бегмуротов, Афрўза Ҳамдамова, Умида Омонова) ҳамда 2 та кумуш (Руқия Олимова, Шаҳромбек Каримов) медалларини қўлга киритди.

Жаҳон биринчилигида 27 давлатдан 780 нафар спортчи иштирок этди. Чемпионат швейцар тизимида тўққиз турни ўз ичига олди.