Андижонда велосипед йўллари ва велосипедларни ижарага бериш пунктлари ривожлантирилади. Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бу бўйича шаҳар ҳокимлиги раҳбарларига аниқ топшириқларни берди, дейилади ҳокимнинг Фейсбукдаги саҳифасида.

Режага кўра, Андижон шаҳридаги 7 та марказий кўчаларда велосипедлар ҳаракати учун умумий 28,6 км узунликдаги йўлакчалар ташкил қилинади. Бир томонлама йўлакчаларнинг эни 2,25 метр, икки томонлама йўлакчаларники 3,25 метр бўлиши кўзда тутилган.

Дастлабки босқичда 500 та замонавий велосипедлар олиб келиниб, 20 та ижара маскани ташкил қилинади ва барча масканлар ягона электрон тизимга уланган ҳолда ишлайди. Ушбу йўналишда ахборот технологияларини кенг қўллаган ҳолда велосипедларни ижарага олишдан тортиб уни тўловлари ҳам тўлиқ автоматлаштирилади.

Бу борада вилоят ҳокими ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш бошқармасига аниқ таклифларни ишлаб чиқиш ва бу йўналишда хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш бўйича топшириқларни берди.

Андижон шаҳрида 425 минг аҳоли истиқомат қилади. Қарийб 40 мингга яқин автотранспорт воситалари мавжуд. Вилоят миқёсида эса 187 мингта автоулов бор.

Қатновнинг кўплиги, артоф-муҳит мусаффолигини сақлаш масалалари пиёда ёки экологик тоза транспорт воситасида ҳаракатланишни кенг тарғиб қилишни тақозо этади.