Равшан Эрматов футбол бўйича жаҳон чемпионатининг D гуруҳидан ўрин олган Хорватия ва Аргентина терма жамоалари ўртасидаги учрашувни бошқаради. Нижний Новгородда ўтказиладиган мазкур баҳс Тошкент вақти билаг 23:00 да бошланади.

Реферига қанотларда Абдуҳамидулло Расулов ва Жаҳонгир Саидов ёрдам беради. Захира ҳаками сифатида Франция Полинезияси вакили Норберт Гауата танланган.

Равшан Эрматов ЖЧ ўйинларини бошқариш бўйича рекордчи саналади — унинг ҳисобида бош ҳакам сифатида ўтказилган 9 та ўйин бор.

Россия ОАВ хабарига кўра, ўзбекистонлик ҳакам ЖЧ-2018 финалини бошқариш учун асосий номзодлардан бири бўлиб турибди. Бундан олдинги икки чемпионатда мазкур вазифа англиялик Ховард Уэбб ва италиялик Никола Риццолига топширилганди.

Таъкидлаш ўринли, бу Равшан Эрматов учун учинчи жаҳон чемпионати бўлиб, у саккиз йил олдин 32 ёшида мундиалнинг энг ёш ҳаками бўлганди.

Бундан ташқари Ўзбекистон футбол ассоциациясининг халқаро алоқалар бошқармаси бошлиғи Олим Арифов Дания ва Австралия терма жамоалари ўйинда комиссар сифатида иштирок этади.

Олим Арифов Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатларидан биринчи бўлиб мундиалда комиссар сифатида ишлайди. У турнирнинг Коста-Рика — Сербия (0:1) баҳсида ҳам комиссарлик қилган.

ФИФА ва ОФКнинг ўзбекистонлик инструктори Фарҳод Абдуллаев 19 июндаги Польша — Сенегал ҳамда 20 июндаги Португалия — Марокаш терма жамоалари ўртасидаги баҳсларда инструкторлик қилади.