11 июнь куни Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қарори билан 2018−2019 йилларда Чирчиқ шаҳрини комплекс ривожлантириш дастури тасдиқланди, дея хабар қилди Norma.uz.

Тошкент вилоятидаги ушбу шаҳарда 150 минг аҳоли истиқомат қилади. 10 та янги саноат объектини ташкил этиш ва 12 та мавжуд корхонани кенгайтириш ҳисобига 1358 та янги иш ўрни яратиш мўлжалланган. Хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида эса 29 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Уларнинг 10 таси янги бўлса, 19 таси кенгайтириш ҳисобига амалга оширилади.

186 та кўп қаватли уй қурилиши режалаштирилган. Еттита маҳаллада икки контурли газ қозонхоналари ўрнатилади. 12,6 км ички йўл, 136 та газ тақсимлаш пункти, 8,1 км сув қувури ва 5,7 км канализация тармоқлари қурилади ва таъмирланади.

Бундан ташқари, иккита янги мактаб қурилса, яна саккизтаси, жумладан битта мусиқа ва санъат мактаби таъмирланади. Тўртта мактабгача таълим муассасасининг капитал таъмирланиши кутилмоқда. Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети учун 1200 ўринли ётоқхона қурилади. Чирчиқ давлат педагогик институти ўқув биноси эса реконструкция қилинади.

Иккита шифохона кунига 560 нафаргача беморни қабул қилишга мўлжаллаб реконструкция қилинади.
Ушбу режаларни амалга оширишга 700,7 млрд сўм ажратилиши белгиланган. Уларнинг 17 фоизи мақсадли жамғармалар ва маҳаллий бюджетдан ажратилса, 54 фоизи тадбиркорлик субъектлари — лойиҳалар ташаббускорлари маблағларидир. Қолган 29 фоиз эса банклар кредитлари ҳисобидан қопланади.