Бирданига учта давлат — АҚШ, Канада ва Мексика футбол бўйича 2026 йилги жаҳон чемпионатини қабул қилади. Бу ҳақда Москвада ташкиллаштирилган ФИФА конгрессида ўтказилган сайловлардан сўнг ТАСС агентлиги хабар тарқатди.

Америка давлатларининг бирлашган аризаси 200 тадан 134 та овоз тўплади. 65 нафар делегат Марокашни қўллаб-қувватлади, биттаси эса овоз бермади.

Марокаш мундиални ўтказиш учун бешинчи бор уриниб кўрди. Илгари марокашликлар 1994, 1998, 2006 ва 2010 йилги жаҳон чемпионатларини ўтказишга даъвогарлик қилганди.

ЖЧ-2026 48 терма жамоа иштирокида ўтадиган илк мусобақага айланиши мумкин. Умуман олганда эса бу воқеа Қатарда ўтказиладиган 2022 йилги чемпигнатда ҳам юз бериши эҳтимоли бор.

2002 йилда жаҳон чемпионати бирданига икки давлат (Жанубий Корея ва Япония)да ўтказилганидан кейин ФИФА турнирни ҳамкорликда ўтказилишини тақиқлаб қўйганди. Бироқ иштирокчилар 48 тага етказилганидан сўнг мазкур тақиқ бекор қилинди.

Ўйинлар Мексика ва Канаданинг учтадан, АҚШнинг эса 17 та шаҳрида ўтказилади. Таъкидланишича, барча шаҳарларда стадион мавжуд бўлиб, улар юқори даражадаги мусобақани қабул қилишга тайёр. Аммо инфратузилмага сарфланадиган маблағ аризага киритилмаган. Ўз навбатида ташкилотчилар жаҳон чемпионатини ўтказиш учун 11 миллиард доллар сарфлашмоқчи.

Шимолий Америка шу кунга қадар уч бора жаҳон чемпионатига мезбонлик қилган. 1970 ва 1986 йилларда турнир Мексикада ўтказилган бўлса, 1994 йилда мусобақа АҚШда ташкиллаштириган. Канада эса ҳеч қачон чемпионатга мезбонлик қилмаган.