Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари пайшанба куни Тошкент вилоятидаги «Бекобод» темир йўл чегара постида 14,9 кг героиннинг олиб ўтилишига чек қўйди, дея хабар қилди ДБҚ матбуот хизмати «Газета.uz"га.

Тақиқланган юк Тожикистондан транзитни амалга ошираётган юк поездини текшириш вақтида аниқланди. Полиэтилен халталарга қадоқланган героин вагонлардан бирининг пастки қисмида металл қутиларга яширилган экан.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 246-моддаси 2-қисми (ядровий, кимёвий, биологик ва оммавий қирғин қуролининг бошқа турларини, шундай қуролларни яратишда фойдаланилиши мумкинлиги аён бўлган материал ва мосламаларни, радиоактив материалларни, шунингдек гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда контрабанда қилиш) бўйича жиноий иш қўзғатилди.

28 май куни Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида «Қора оғу» тадбирини ўтказиш жараёнида фуқаро С. А.дан 52,1 кг кўкнор олиб қўйилди, унинг уйи ҳовлисидан эса 375 туп гиёҳванд ўсимлик аниқланди, дея хабар қилди ИИВ матбуот хизмати.