Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-майор Абдусалом Азизов 22 май куни Тошкентда расмий ташриф билан бўлиб турган Россия мудофаа вазири армия генерали Сергей Шойгу билан музокаралар ўтказди.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизматининг «Газета.uz"га хабар қилишича, учрашувда мудофаа соҳасида Ўзбекистон-Россия ҳамкорлиги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари, шунингдек, ҳарбий-техник йўналишдаги алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

2000 йилдан буён Ўзбекистон Россия билан ҳар йили тасдиқланадиган ҳарбий ҳамкорлик режаси асосида ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ўтган давр мобайнида ушбу режалар доирасида икки давлат ҳудудида 290 дан ортиқ ҳамкорликдаги тадбирлар ўтказилди.

2017 йил 24 октябрда Тошкентда минтақавий хавфсизлик масалалари бўйича Ўзбекистон-Россия маслаҳатлашувларининг бешинчи раунди ўтказилди. Ўтган йилнинг сентябридан бошлаб Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси ҳузурида ҳарбий атташе лавозими тасдиқланди. Октябрь бошида Жиззах вилоятидаги «Фориш» тоғ полигони базасида Ўзбекистон-Россия қўшма ҳарбий ўқувлари бўлиб ўтди.

Тошкентда Сергей Шойгу Ўзбекистон Қуролли Кучлар Академиясига ташриф буюриб, олий ҳарбий таълим муассасаси фаолияти билан танишди.

22 май куни Россия ҳарбий делегацияси аъзолари Самарқандга ташриф буюрди.