Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 3 май куни Корея Республикасининг Шимол билан иқтисодий ҳамкорлик бўйича қўмитаси раиси Сон Ён Гил бошчилигидаги делегацияни қабул қилди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Давлат раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, дўст Жанубий Корея раҳбарияти ва халқини жорий йил 27 апрель куни Пханмунджомда Кореялараро саммит муваффақиятли ўтгани билан яна бир бор табриклади.

Ушбу тарихий тадбир Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Иннинг КХДР билан муносабатларни яхшилаш, минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, ишонч муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган «Янги шимолий сиёсат"ни рўёбга чиқариш борасидаги қатъий позицияси ва саъй-ҳаракатлари туфайли самарали натижалар бераётгани алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистон билан Корея Республикаси ўртасидаги стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётгани чуқур мамнуният билан қайд этилди.

Суҳбат чоғида мамлакатлар ўртасида савдо-иқтисодий, молиявий-инвестициявий, инновация ва гуманитар, жумладан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада чуқурлаштириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Шунингдек, халқаро сиёсат ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Сон Ён Гиль давлат раҳбарига самимий қабул ва табрик учун миннатдорлик билдириб, Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Иннинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Меҳмон Корея Республикаси улкан минтақанинг тинчлиги, барқарорлиги ва изчил тараққиёти йўлида Ўзбекистон Республикаси билан кенг кўламли ва кўп форматли шерикликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини қайд этди.