Сурхондарё вилояти Ангор туманида истиқомат қилувчи 81 ёшли Элмурод бобо Чориев велосипедда Қирғизистонга саёҳатга отланди.

Бир кунда йўлнинг паст-баландлигига қараб 70−80 км дан 120−130 км гача масофани босиб ўтаётган бобо Сурхондарёдан Тошкентгача 8 кунда етиб келган.

Элмурод бобонинг айтишича, у аввалига Хитойгача боришни мўлжал қилган эди. Бироқ виза ва бошқа харажатлар қимматга тушгани учун сафарини Қирғизистонда якунлашга қарор қилди.

«1958 йилда Андижон шаҳрида очилган бир йиллик савдо курсида таҳсил олганман. Ўшанда уч дўстим билан Қирғизистоннинг Ўш шаҳрига саёҳатга борганмиз. Ўш ва бошқа шаҳарларига бориб, расмга тушиб қайтмоқчиман», — деди бобо «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда.