Душанба куни минглаб ёшлар Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келган Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовни кутиб олиш учун Тошкентнинг марказий кўчаларига чиқди. «Газета.uz» мухбири жонли йўлак бўйлаб сайр қилди.Нукус кўчасида қўшни давлат раҳбарини Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ҳамда К. Беҳзод номидаги миллий рассомчилик ва дизайн институти талабалари икки давлат байроқлари билан кутиб олди.

Кўплаб ёшлар кутиб олишга 7:00 дан, баъзилар эса кечроқ чиқди. Туркманистон раҳбари самолёти пойтахт аэропортига соат 10 да қўнди.

«8:00 да келдим. Биздан юқори мартабали меҳмонни кутиб олиш учун чиқишни сўрашди. Биз ўз институтимизни ҳурмат қиламиз, шунинг учун кўчага чиқдик», — деди рассомчилик ва дизайн институти талабаси.

«Икки соатдан буён турибмиз. Умуман олганда ҳаммаси яхши. Лекин жуда оч қолдим, чанқадим ҳам», — деди ЎзДЖТУ талаба қизларидан бири.«Биз шикоят қилмаймиз, лекин факультет раҳбарияти бизга қўпол муносабатда бўлишмоқда. Биз туришдан чарчадик, битта қиз ўтирган эди, декан ўринбосари қаттиқ уришиб берди. У йиғлади ва кетиб қолди», — деди ЎзДЖТУнинг бошқа талабаларидан бири.

Кўпчилик иштирокчилар президент кортежи ўтиб кетгунига қадар нима биландир банд бўлишга ҳаракат қилди. Кимнингдир қўшиқ тинглагани, бошқаларнинг шунчаки тик оёқда тургани ёки ўтириб турганини кўриш мумкин.

Сешанба куни талабалар Туркманистон раҳбарини кузатиб қўйиш учун яна кўчаларга чиқади. «Байроқларни йўқотманглар, эртага худди шу вақтда шу ерга келинглар», — деди ОТМ ходими.

Кортеж ўтганидан сўнг ЎзДЖТУ гуруҳларидан бирининг куратори келмаган талабаларни декан номига тушунтириш хати ёзишга мажбурлагани маълум бўлди.

Туркманистон раҳбарининг ташрифи икки кун давом этади. Гурбангули Бердимуҳамедовнинг Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан музокаралар ўтказиши, қатор икки томонлама ҳужжатларнинг имзоланиши режалаштирилмоқда.

Видео