Теҳронда Ўзбекистон ва Эрон ўртасида савдо-иқтисодий ва илмий-техник ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилиши бўлиб ўтди, дея хабар қилди Ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz"га.

Эрон пойтахтида «Ўзсаноатэкспорт» компаниясининг ўзбек-эрон савдо уйи очилди, бизнес форум ўтказилди. Форум якунлари бўйича тўқимачилик маҳсулотлари, дуккакли экинлар, қуритилган мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб бериш бўйича экспорт шартномалари имзоланди.

Ҳар бир томондан чекланган товар позицияларига нисбатан имтиёзли божхона режимини тақдим этиш тўғрисидаги икки томонлама савдо битими лойиҳаси кўри чиқилди. Йиғилиш иштирокчилари ҳужжат лойиҳасига киритиш учун товарлар рўйхатини шакллантириш ҳамда келгуси йиғилишни Тошкентда ўтказишга келишиб олди.

Томонлар Ўзбекистон ва Эрон Савдо-саноат палаталари иштирокида ўзбек-эрон ишбилармонлик кенгашини ташкил этишга ҳам келишиб олди. Ушбу кенгаш ҳар икки давлатнинг кичик ва ўрта бизнес субъектлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, улар фаолиятидаги молиявий ва юридик масалаларни ҳал этишга ёрдамлашиш каби вазифаларни бажаради.

Йиғилиш иштирокчилари «Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Уммон», «Хитой-Қозоғистон-Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон» транспорт йўлаклари ҳамда Трансафғон коридорини ишга туширишни тезлаштириш бўйича масалаларни кўриб чиқди. Эрон томони «Мозори Шариф-Хирот» темир йўл линияси қурилишининг давоми ҳисобланган «Хаф-Хирот» темир йўли қурилишини якунлаш учун барча чораларни кўришини маълум қилди. Ушбу темир йўл линияси минтақа мамлакатлари ўртасидаги товарлар ташиш ҳажмларини сезиларли даражада ошириб, нарх ва етказиб бериш муддатларини камайтиришга хизмат қилади.