2016 йил сентябридан пойтахтнинг Мирзо Улуғбек тумани ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Шерзод Давлатович Кудбиев бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири этиб тайинланди. Бу ҳақда вазирликдан «Газета.uz"га маълум қилинди.

Шерзод Кудбиев (1981 йилда туғилган) Фарғона политехника институтини тамомлаган (мутахассислиги — молия ва кредит).

Ҳоким лавозимига тайинлангунга қадар 2015 йилдан Вазирлар Маҳкамаси Макроиқтисодий ривожлантириш, таркибий ўзгартиришлар, хорижий инвестицияларни жалб этиш ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш масалалари йиғма ахборот-таҳлил департаменти мудири ўринбосари бўлиб ишлаган.

Аввалроқ — 2012−2015 йилларда — Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги (ҳозирги — Бандлик ва меҳнат муносабат лари вазирлиги) Аҳоли бандлиги, меҳнат муҳофазаси ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш республика илмий маркази директори лавозимида ишлаган.

2010−2012 йилларда Вазирлар Маҳкамасининг юқоридаги департаментида етакчи ва бош мутахассис, 2007−2010 йилларда Меҳнат вазирлигида турли лавозимларда ишлаган.

Бир кун аввал собиқ бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Актам Ҳаитов Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси вазифасини бажарувчи этиб тайинлангани хабар қилинган эди.