2018−2019 ўқув йилидан Ўзбекистон олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тест синовлари 1 августдан 15 августгача икки сменада ўтказилади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг расмий Телеграм-каналида хабар қилинди.

Хабарда қайд этилишича, 3 апрель куни олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисидаги ҳукумат қарори қабул қилинди.

Қарор билан тасдиқланган низомга асосан:

ўқишга қабул қилиш тўғрисидаги аризалар эса ҳар йили 15 июндан 15 июлгача қабул қилинади;

тест синовлари ҳар йили 1 августдан 15 августга қадар, кунига икки сменда ўтказилади. Бунда 1-смена 8:00 да, иккинчи смена 15:00 да бошланади;

абитуриент тест синовлари ўтказиладиган куни бинога тегишли ҳудудга соат 07:00 (иккинчи смена соат 13:00) гача, бинога соат 07:30 (иккинчи смена соат 13:30) гача фақат абитуриент рухсатномаси ва паспорти билан шахсни идентификациялаш воситалари ҳамда видеофиксация қурилмалари орқали тартибли равишда кириши лозим;

тест синовлари Тошкент шаҳридаги «Ўзэкспомарказ» миллий кўргазмалар мажмуаси павильонларида ва унинг ҳудудида ўрнатиладиган қўшимча йиғма павильонларда, шунингдек, катта сиғимдаги бошқа биноларда, вилоят марказларида эса — олимпия захиралари коллежлари ёки бошқа ташкилотларнинг катта сиғимдаги биноларида ўтказилади;

тест топшириқларини бажариш учун (жавоблар варақасини тўлдириш билан бирга) 30 та тест топшириғига 1 соат, 60 та тест топшириғига 2 соат, 90 та тест топширигига 3 соат вақт берилади;

тест синовлари натижасидан норози бўлган абитуриентлар 20 августдан 30 августгача бўлган муддатда Ўзбекистон таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан тасдиқланган апелляция комиссиясига ёзма ёки электрон шаклда апелляция шикоятини бериш ҳуқуқига эга бўлади.

Шунингдек, мазкур қарор билан бакалавриатга тест синовларисиз, касбий (ижодий) имтиҳонлар орқали ўқишга қабул қилиш бўйича таълим йўналишлари рўйхати тасдиқланди.

Рўйхат


Фото: @huquqiyaxborot