Россиянинг «Группа ГАЗ» компанияси сиқилган табиий газда ҳаракатланувчи паст полли ЛиАз-5292 йўловчи автобусини синовдан ўтказиш учун Тошкентга етказиб берди.

Машина тақдимоти 3-автобус саройида бўлиб ўтди. Автобус 85-йўналишда (Қорақамиш 2/4 — МУМ) ҳаракатланади, дея хабар қилди «Тошшаҳартрансхизмат» компанияси «Газета.uz"га.

Синов ишлари пойтахт автобуслар паркини янгилаш дастури доирасида амалга оширилиб, дастурга кўра, эндиликда фақат паст полли ва кондиционерли автобуслар харид қилинади. «Тошшаҳартрансхизмат» дастлаб ўртача сиғимли, сўнгра босқичма-босқич катта синфга мансуб автобуслар сонини оширишни режалаштирмоқда.

Яқинда пойтахтда иккита ўрта ва катта сиғимли «МАЗ» Беларусь автобуслари синовдан ўтказилган эди, яқин орада Хитой компанияси ҳам автобуслар етказиб бериши кутилмоқда.

ЛиАЗ-5292 автобуси катта сиғимли турга мансуб бўлиб, тақдим этилган моделда ўтириш учун 30 та ва туриб кетиш учун 80 та жой мавжуд. Солиштириш учун — Тошкентда ҳаракатланаётган Mercedes-Benz автобусларида — 26 та ўриндиқ ва 79 та туриб кетиш учун, MAN автобусида — 30 ва 60 та жой мавжуд.

Базавий комплектацияда кондиционер, кўтарма аппарелли кузов нишаблик тизими (kneeling) ва ўт ўчириш тизими ўрин олган. Видеокузатув тизимларини бирлаштирувчи (11 тагача ташқи ва ички камералар) интеллектуал-коммуникацион тизим, йўл кирани тўлаш ускунаси, салон пешлавҳаси ва экранларни ўрнатиш мумкин.

Автобус ойналари қорайтирилган бўлиб, салонда ногиронлар аравачаси учун жой ажратилган. Ҳар бир қаторда иккитадан ўриндиқ мавжуд. Ҳайдовчи бўлмаси ёпилувчи эшик билан салондан ажратилган, бироқ компановка буюртмачи истагига қараб ўзгартирилиши мумкин.

Тошкент учун ЛиАЗ автобусларининг сотиб олиниши синовлардан сўнг маълум бўлади. «Группа ГАЗ» дилери «Шарқий логистика компанияси» раҳбари Сергей Ивановнинг «Газета.uz"га маълум қилишича, шу каби 10 дона автобусни етказиб бериш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.