30−31 март кунлари Ўзбекистон Олий суди судьялари Сурхондарё вилоятида сайёр қабул ўтказди, дея хабар берди Олий суд матбуот хизмати.

Сайёр қабулларда жами 185 нафар фуқаро қабул қилинди. Уларнинг 83 нафари фуқаролик ишлари бўйича суд қарорлари юзасидан, 57 нафари жиноят ишлари бўйича суд қарорлари юзасидан, 9 нафари иқтисодий ва 12 нафари маъмурий ишлар бўйича суд қарорлари юзасидан мурожаат қилган.

Хусусан, 30 март куни Жарқўрғон туманида бўлиб ўтган сайёр қабулда Қумқўрғон, Узун, Ангор ва Қизириқ туманлари фуқаролари ҳам қабул қилинди. Унда Олий суд раиси ўринбосари Б. Деҳқонов раҳбарлигидаги судьялар гуруҳи фуқаролар ва тадбиркорларнинг жиноят, маъмурий, фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича вилоят, туман ва шаҳар судлари томонидан қабул қилинган судлов қарорлари устидан шикоятлари ҳамда оммавий-ҳуқуқий муносабатларга оид мурожаатларини қабул қилдилар.

Жумладан, фуқаро О. Бозоров ўз мурожаатида Г. Чориеванинг уйга киритиш ҳақидаги даъво талаби юзасидан Қумқўрғон туманлараро судининг 2017 йил 22 ноябрдаги ҳал қилув қарори ва Сурхондарё вилоят суди апелляция инстанциясининг 2018 йил 16 январдаги ажрими у аёл бир уйда яшаш имконияти йўқлиги текширилмасдан қабул қилинганидан шикоят қилган.

Адвокат Ч. Маматқулов Қумқўрғон тумани «Боботоғ» маҳалласида яшовчи фуқаро Ч. Бозоров ЖКнинг 228-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноят учун 2014 йилда нотўғри жавобгар бўлганлиги сабабли суд қарорларини бекор қилишни ва унга нисбатан оқлов ҳукми чиқаришни сўраган.

Фуқаро А. Қурбонова Сирдарё вилояти Оқолтин туман суди 2012 йил 30 апрелда синглиси -тадбиркор аёл Л. Қурбоновани ноҳақ маъмурий жавобгарликка тортганидан норозилик билдирган.

Сайёр қабул 2018 йил 31 март куни Ўзбекистон президентининг Сурхондарё вилоятидаги Халқ қабулхонасида давом этиб, унда Термиз шаҳри, Термиз, Денов, Ангор ва Шеробод туманларидан келган фуқаролар қабул қилинди.

Хусусан, жавобгар вакили И. Аксёнова Т. Вапаеванинг жавобгари С. Захаренкодан қарз ва фоизини ундириш ҳақидаги даъвоси юзасидан фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро судининг 2016 йил 24 сентябрдаги ҳал қилув қарорини бекор қилишни сўради.

Фуқаро А. Қулматов ва бошқа (жами 9 нафар) фуқаролар ўзларига нисбатан чиқарилган жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилоят судининг 2013 йил 29 октябрдаги ҳукмини бекор қилиб, ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан, яъни уларнинг ҳаракатида жиноят таркиби мавжуд эмаслиги сабабли оқлашни сўрашган.

Термиз шаҳар «Сурхондарёсавдо» МЧЖ раиси И. Мусаева мурожаат қилиб, вилоят прокурорининг маъмурий бинони шаҳар хокимлигига қайтариш ҳақидаги даъвоси юзасидан Сурхондарё вилоят хўжалик судининг 2016 йил 12 апрелдаги ҳал қилув қарорига иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар тўлиқ ўрганилмаганлиги сабабли назорат тартибида протест киритишни сўраган.

Сайёр қабулларда фуқароларнинг Олий суднинг ваколатига тегишли шикоятлар қабул қилиниши билан бир қаторда қуйи судларининг ваколатига тегишли бўлган мурожаатлар вилоят суд раислари томонидан жойида ўрганилиб мазмунан ҳал этилиши чоралар кўрилди.


Шу билан биргаликда, сайёр қабуллар жараёнида фуқароларга 2018 йил апрелдан амалга киритиладиган процессуал қонунчиликдаги ўзгартиришлар, уларнинг мазмуни ва аҳамияти борасида ҳуқуқий мазмундаги тушунтиришлар берилди.