30 март куни Ўзбекистон Олий суди судьялари Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида жойлашган «Сурхонтекс» ип-йигирув корхонаси ишчи-хизматчилари ва шу ерда яшовчи фуқароларбилан очиқ мулоқот ўтказди, дея хабар қилди Олий суд матбуот хизмати.

Мулоқотда Олий суд раиси ўринбосари Баҳодир Деҳқонов, Олий суднинг жиноят ва фуқаролик ишлари бўйичасудьялари томонидан корхонанинг ишчи, ходимлари ва фуқароларга мамлакатда қабул қилинган янги қонунлар, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, судларнинг вазифалари ҳамда судга мурожаат қилиш тартиблари ҳақида тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, фуқароларнинг қатор саволлари, жумладан суд томонидан ёшлар ва аёлларга жамоат ташкилотлари кафиллиги билан енгилроқ турдаги жазони тайинлаш, ходим томонидан корхона, муассасага етказилган зарарни ундириш тартиби, корхонада меҳнат интизомини бузганлик учун интизомий жазоларнинг қўлланиш тартиблари, турар жойлардан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун қонунда белгиланган жавобгарлик ҳақидаги саволларга батафсил жавоб берилди.

Олий суд раисининг ўринбосари йиғилганларнинг жиноят ишлари бўйича Жарқўрғон туман судининг раиси Б. Икромов, маъмурий суди раиси Х. Раҳимова, шу тумандаги низоларни ҳам кўрувчи фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро судининг раиси А. Мухаммадиевнинг иш фаолияти ҳақидаги фикрлари билан ҳам танишди.

Шундан сўнг, Жарқўрғон туман маъмурий судининг раиси Х. Раҳимова фуқароларнинг давлат идоралари ва уларнинг мансабдор шахслари устидан янги тузилган маъмурий судларга мурожаат қилиш тартиблари ва бу тоифадаги ишларни кўриш амалиёти ҳақида маъруза қилди.