Терроризм таҳдиди барча давлатлар учун умумий бўлиб, унга қарши биргаликда курашиш лозим. Бу ҳақда сешанба куни Тошкентда бўлиб ўтган Афғонистон бўйича олий даражали халқаро конференцияда Афғонистон президенти Ашраф Ғани маълум қилди.

У мамлакатда терроризм ва жиноятчиликка қарши кураш олиб борилаётгани тўғрисида сўзлаб берди. Унинг сўзларига кўра, Афғонистон ҳудудида энг камида 2000 «Ислом давлати» жангарилари фаолият олиб бормоқда. «Биз уларга қарши шерикларимиз ёрдамида тинимсиз уруш эълон қилганмиз», — деди Ашраф Ғани.

«Бизнинг кучларимиз сўнгги икки ҳафтада [жангариларни] йўқотиш бўйича кенг кўламли операция ўтказишди. 1300 нафардан ортиқ жангари йўқ қилинди, улар Нангархон ва Шимолий Афғонистондаги тор водийларда чегаралаб қўйилган. Ушбу таҳдидларга қарши курашиш учун куч ва иродамиз етарли ва биз уларга қарши тинимсиз курашишда давом этамиз», — дея таъкидлади Афғонистон президенти.

Ашраф Ғани жорий йилда илк бор наркотик лабораторияларга қарши операция ўтказилганини маълум қилди. Ҳукумат кучлари уларга 130 млн доллардан зиёд миқдорда зиён келтирди.

«Шуни таъкидламоқчиманки, ушбу таҳдидлар барчамиз учун умумий ва уларга қарши биргаликда курашиш лозим. Афғонлар терроризмга қарши глобал курашга ўз ҳаётлари билан улуш қўшишмоқда. Биз энг олдинги сафдамиз, бироқ бу хатар билан барча курашиш лозим», — дея таъкидлади у.

«Дунё ўзгарди, душман уруш олиб боришнинг стратегик қоидаларини тўлиқ инкор этмоқда, ҳужумлар тинч аҳоли, аёллар, болаларга қаратилмоқда, душман шифохоналар ва мактаблар, жамият ҳаётига қарши жанг олиб бормоқда, — деди Ашраф Ғани. — Бироқ биз шундай тарихий даврда яшаяпмизки, биз глобал терроризмга қарши курашда ғалабага эришмоқдамиз».

«Агарда террористик ҳужумлар йил бошидан буён бизнинг тинчликни ўрнатишдаги хатти-ҳаракатларимизга қаратилаётган бўлса, улар ўз мақсадларига ета олишмайди. Худкушлик ҳужумлари фақатгина мазкур конференция мақсадларининг долзарблигини кучайтиради. Биз тинч йўл билан масалани ҳал этишни муҳокама қилиш учун бизга очиқ бўлган барча воситалардан фойдаланишимиз лозим», — деди Афғонистон раҳбари.

«Биз толибларни жамиятимизга қўшиш учун курашишимиз лозим, — деди у, — шунда биз терроризм хатарларига қарши тура оламиз».