Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини 21 март куни нишонланадиган Наврўз байрами билан табриклади. Табрик миллий телевидение орқали трансляция қилинди.

«Жонажон юртимиз — Ўзбекистонимизга яшариш, баҳор ва гўзаллик байрами — Наврўзи олам кириб келмоқда. Ана шу қутлуғ айём — Шарқона янги йил билан сиз, муҳтарам отахон ва онахонларни, мунис опа-сингилларимиз, суюкли фарзандларимиз, бутун халқимизни чин юракдан самимий муборакбод этаман. Қалбларимиз шодлик ва қувончга тўлган мана шу нурли лаҳзаларда барчангизга сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга бахту саодат, файзу барака тилайман», — деди давлат раҳбари табрикда.

«Наврўз фалсафаси, Наврўз қадриятлари — одамларнинг дарду ташвиши билан яшаш, кексаларга ҳурмат, муҳтож инсонларга эътибор ва ёрдам кўрсатиш, адолат ва халқпарварлик фаолиятимиз мезонига айланмоқда», — деди у.

«Биз энг аввало оналаримиз, аёлларимиз ва фарзандларимиз, бутун халқимизни рози қилишни ўз олдимизга эзгу вазифа қилиб қўйганмиз. Ва бу олий мақсадга албатта эришамиз. Шунда ҳаётимиз янада обод ва фаровон, буюк Алишер Навоий бобомиз айтганларидек, ҳар кунимиз Наврўз бўлади», — деди Шавкат Мирзиёев.

У Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қарорига мувофиқ Наврўз байрами халқаро миқёсда кенг нишонланаётганини эслаб ўтди.

«Ҳақиқатан ҳам, бу бетакрор байрам барча эзгу ниятли инсонларни бирлаштиради, уларнинг қалбида энг гўзал ва олижаноб туйғуларни уйғотади. Шу боис ҳам, Наврўзи олам мустақиллик йилларида, миллати, тили ва динидан қатъи назар, диёримизда яшаётган барча юртдошларимизнинг ардоқли ва севимли байрамига айланди», — деди давлат раҳбари.


Бу йил Тошкентда асосий Наврўз тантаналари «Ўзэкспомарказ"да бўлиб ўтди. Шавкат Мирзиёев ҳар бир вилоятнинг бадиий дастурлари билан танишиб чиқиб, одамлар билан суҳбатлашди.