Тошкентдан февраль ойининг сўнгги кунларида 100 га яқин автомобиллар тўхташини тақиқловчи йўл белгилари (3.27) демонтаж қилинди. Бу ҳақда пайшанба куни бўлиб ўтган брифингда пойтахт ИИББ ЙҲХБ йўл назорати бўлими катта муҳандиси майор Бахтиёр Ғафуров маълум қилди.

Шаҳарда тақиқловчи катта миқдордаги белгиларнинг мавжудлиги кўп йиллар давомида ҳайдовчиларнинг норозиликларини келтириб чиқараётган эди.

«Кучини ёки заруратини йўқотган белгилар демонтаж қилинмоқда. Ишлар ҳали тугагани йўқ», — деди у. Белгиларни инвентаризация қилиш жараёни яна бир муддат давом этади. Унинг якунлари бўйича «Тўхташ тақиқланади» белгилари, зарурат туғилганда, «Тўхтаб туриш тақиқланади» (3.28) белгилари билан алмаштирилади.

Белгилар алмаштирилган ёки демонтаж қилинган кўчалар рўйхати 5 мартда очилиши кутилаётган ЙҲХБ сайтида эълон қилинади.