24−25 январь кунлари Тошкент вилоятидаги «Ғишт кўприк», «Навоий», «Нажимов» ва «Яллама» чегара-божхона мажмуаларида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Давлат божхона қўмитаси ходимлари тушунтириш ишларини олиб борди.

ФВВ матбуот хизматининг хабар қилишича, чегарани кесиб ўтаётган фуқароларга маҳкамалар вакиллари шахсий хавфсизлик чоралари тўғрисида маълумот бермоқда. Бундан ташқари, уларга хорижда ҳам ФВВнинг (+99871) 147−10−50 тезкор алоқа рақамига қўнғироқ қилиш мумкинлиги эслатиб ўтилмоқда.

Тадбирлар жараёнида 2600 дан ортиқ ФВВ ташриф қоғозлари тарқатилди.

Бу каби тадбирлар бутун мамлакат бўйлаб ўтказилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Қозоғистоннинг шимолий, марказий ва шарқий вилоятларида кучли совуқ кузатилаётгани муносабати билан ушбу ҳудудлар орқали йўловчи автобуслари ва шахсий автомобилларда сафарга чиқишни вақтинча ортга суришни тавсия қилган эди. Казгидромет маълумотларига кўра, совуқ ҳарорат 29 январга бориб пасайиши мумкин.