Asia Alliance Bank Ягона халқаро процессинг маркази (GlobUz) билан ҳамкорликда Ўзбекистонда биринчи бўлиб валюта айирбошлаш имкониятига эга бўлган банкоматни тақдим этди. Ўз ўзига хизмат кўрсатиш ускунаси 15 январдан ишга туширилди.Asia Alliance bank банки бош идорасига жойлаштирилган ҳозирда ягона бўлган банкомат нақд кўринишдаги АҚШ долларини нақд сўмларга айирбошлайди. Тез орада банкнинг барча филиаллари ва филиаллардан ташқарида бўлган нуқталарга шу каби банкоматларни жойлаштириш режалаштирилган.

Нақд пулларни банк ходимлари иштирокисиз куну тун айирбошлаш курси бўйича алмаштириш мумкин. Яқин вақтларда евро ва Россия рублини айирбошлаш йўлга қўйилади.

Ягона халқаро процессинг маркази бош директори Шуҳрат Қурбоновнинг маълум қилишича, бирламчи вазифа куну тун ишлайдиган валюта айирбошлаш банкоматларини ишга туширишдан иборат. «Биз нақт хорижий валюта қабул қилиб, сўм беришни йўлга қўйдик, чунки бу айирбошлаш пунктларининг асосий фаолияти шундан иборат. Техник тизим тескарисини ҳам бажара олади, бироқ ягона ноқулайлик — банкоматлар ишланмалари базаларида ҳозирча янги 10 минг ва 50 минг сўмлик купюраларнинг ҳақиқийлигини текшириш имконияти мавжуд эмас. Ҳозирда ушбу купюраларни базага киритиш ишлари кетмоқда, ўйлайманки тез орада бу амалга оширилади. Агарда қонунчилик нақд хорижий валюталарни сотишга рухсат берса, ушбу банкоматлар мазкур вазифани ҳам бажара олади», — деди Шуҳрат Қурбонов.

Сўмлар 1000, 5000, 10000 ва 50000 сўм номиналдаги банкноталар 2000−2500 та пул сиғимига эга тўртта кассеталарда сақланади. «Фақатгина битта чеклов мавжуд — банкоматлар бир мартада 40 та, тахминан 240 доллар [эквивалентидаги] банкноталарни бера олади. Статистика бўйича асосий одамлар айирбошлаш пунктларига 100−300 доллар топширишади», — деди GlobUz раҳбари.

Ҳозирда банкомат GlobUz карталарини ҳам қабул қилмоқда, бироқ яқин кунларда Visa, Master Card ва UnionPay карталарини ҳам интеграция қилиш кутилмоқда. Шунингдек Ягона умумреспублика процессинг маркази (UzCard) билан интеграция қилиш ишлари ҳам олиб борилмоқда.

Видео