Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги делегация 14−21 январь кунлари АҚШга ташриф буюради, дея хабар қилди ТИВ матбуот хизмати.

Ўзбекистон делегацияси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йорк шаҳридаги Бош қароргоҳида БМТ Хавфсизлик Кенгашининг «Оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик: ишонч чоралари» номли тадбирида ва вазирлар даражасидаги «Хавфсизлик ва тараққиётнинг ўзаро боғлиқ модельи сифатида Афғонистон ва Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни йўлга қўйиш» мавзусида очиқ мунозараларда иштирок этади ҳамда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ва хорижий давлатларнинг бир қатор ташқи ишлар вазирлари билан учрашувлар ўтказади.

Шунингдек, ташриф дастурида Вашингтон шаҳрида Ўзбекистон-АҚШ музокараларини ўтказиш ҳам назарда тутилган.