Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси номаълум шахслар томонидан калтакланиб, ҳужжатларини йўқотган мамлакатнинг кекса ёшли фуқароси Нелла Степановна Чевтаевага ёрдам кўрсатмоқда. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар қилди.

«Россия 24» телеканали, «Комсомолская правда» газетаси ва бошқа бир қатор оммавий ахборот воситалари томонидан 78 ёшли Ўзбекистон фуқароси Нелла Степановна Чевтаева тўғрисида маълумот тарқатилди. У Беларусда ўз ўғли билан доимий яшаш учун 16 декабрь куни «Домодедово» аэропортига учиб келган эди.

Матбуот тарқатган маълумотга кўра Нелла Чевтаева Москва вилоятининг Домодедова шаҳрида калтаклаш излари билан оғир аҳволда волонтёрлар томонидан топилган.

25 декабрь куни Ўзбекистоннинг Москва шаҳридаги элчихонаси консуллик бўлимига жабрланувчининг набираси мурожаат қилди ва унга шахсни тасдиқлаш тартиби тушунтирилди ҳамда тўлдириш учун анкеталар берилди. Лекин у бувиси ҳақидаги маълумотларга эга эмаслигини билдириб, ҳужжатларни олиб кетган ва Консуллик бўлимига бошқа мурожаат этмаган.

Ҳозирги вақтда элчихонанинг консуллик бўлими ходими жабрланувчига ёрдам бериш ва шахсни тасдиқловчи ҳужжат масаласини ҳал қилиш учун Нелла Чевтаева жойлашган жойга етиб борди.