«Меҳрибонлик», «Мурувват» уйлари ва «SOS-болалар қишлоқлари» тарбияланувчилари, шунингдек хизмат бурчини адо этиш вақтида ҳалок бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг фарзандларига Янги йилда Ўзбекистон Президентининг 11 мингга яқин совғаси топширилади.

Халқ таълими вазирлиги матбуот хизматининг хабар қилишича, ҳар бир совға 12 номдаги ўқув қуроллари ва 15 номдаги ширинликлардан таркиб топган. 3734 та совға пойтахт, Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятлари бўйлаб автотранспортда, яна 6265 таси 25−28 декабрь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси ва бошқа вилоятларга «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси самолётларида етказилади. 1000 та жамлама «Сен ёлғиз эмассан» жамғармасига тақдим этилади.

Совғалар болаларга Президент арчаси тадбирларида топширилади. Мазкур маросимлар эса 29−30 декабрь кунлари бўлиб ўтади.