Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев шанба куни Тошкентдаги қатор ижтимоий объектларга ташриф буюрди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Давлат раҳбари дастлаб, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида бунёд этилган янги биноси қурилиши ва Адиблар хиёбонида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Маълумки, давлат раҳбари июнь ойида бу ерга ташриф буюриб, қурилиш ва ободонлаштириш билан боғлиқ топшириқлар берган эди. Ўтган 6 ой давомида 9,6 гектардан иборат майдонда улкан ишлар амалга оширилди. Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг янги биноси қад ростлади. Бино икки қаватдан иборат бўлиб, унинг биринчи қаватига «Жаҳон адабиёти», «Шарқ юлдузи», «Ёшлик» журналлари таҳририятлари ҳамда «Ижод» жамоатчилик фонди жойлашади. Бинода 150 ўринлик фаоллар зали ҳам мавжуд бўлиб, у ижодий кечалар, бадиий муҳокамаларни шу ернинг ўзида ўтказиш имконини беради. Бинонинг иккинчи қаватида Ёзувчилар уюшмаси жойлашади. Унинг ҳузурида бой кутубхона ҳам ташкил этилади.

Шавкат Мирзиёев Уюшма мақомини кўтариш, уни халқ маънавиятини юксалтиришга таъсир кўрсатадиган муассасага айлантириш зарурлигини таъкидлади.

Президент Шавкат Мирзиёев ижод шароитини янада яхшилаш, хусусан, Уюшма ҳовлисини кишини илҳомлантирадиган гўзал гулзорга айлантириш юзасидан кўрсатмалар берди.

Давлат раҳбарининг топшириғига биноан Уюшманинг кутубхонаси Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона билан боғланади, ижодкорлар унинг бой китоб фондидан шу ердан туриб бемалол фойдалана олади.

Президент Шавкат Мирзиёев уюшманинг маънавий-маърифий аҳамиятини янада юксалтириш учун бу ерда очилган Адабиёт музейи янада бойитиш концепциясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш мақсадга мувофиқ эканини таъкидлади.

Ижодкорлар яратилган шароит, юксак эътибор учун давлатимиз раҳбарига самимий миннатдорлик билдириб, халқимиз маънавиятини бойитиш, ёш иқтидорларни юзага чиқариш борасида бор куч-ғайратини ишга солишларини таъкидлади.