Ўзбекистон Фанлар академияси Биоорганик кимё институти директори, академик Шавкат Солиҳов илм-фан соҳасида қўлга киритган катта ютуқлари учун Хитой Фанлар академиясининг хорижий аъзолигига сайланди, дея хабар қилди ЎзА.

Шавкат Солиҳов Хитой Фанлар академиясига Ўзбекистондан сайланган биринчи, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигидан россиялик олим, физика бўйича Нобель мукофоти лауреати Жорес Алфёровдан кейин сайланган иккинчи олимдир.

Шавкат Солиҳов раҳбарлигида биологик фаол бирикмаларни ажратиш ва уларнинг тузилишини ва амалга оширадиган механизмини ўрганиш асосида ўндан ортиқ оригинал дори воситаси ишлаб чиқарилган. Бу тадқиқотлар натижасида вирус ва яллиғланишга қарши, қон тўхтатувчи таъсирга эга препаратлар бугунги кунда тиббий амалиётда кенг қўлланилмоқда.

Олимнинг саъй-ҳаракатлари билан Ўзбекистонда Хитой ФАнинг биринчи хорижий марказларидан бўлган дори препаратларини тадқиқ этиш ва ишлаб чиқиш Марказий Осиё маркази ташкил этилмоқда. Бу ерда яратиладиган дори воситаларини келгусида Хитой ва бошқа давлатларга экспорт қилиш режалаштирилган.

Бу йил Хитой Фанлар академиясига саккиз мамлакатдан 16 олим сайланган. Улар орасида Нобель мукофоти совриндорлари, Манчестер университети профессори Андрий Гейм (Буюк Британия) ва Шимоли-Ғарбий университет профессори Жеймс Фрейзер Стоддарт (АҚШ) ҳам бор. Хитой ФАнинг хорижий аъзолари сони жами 800 нафарни ташкил этади.