Тошкентнинг Чилонзор туманида 9 декабрь куни рамзий қудуқ олдидан йўлга отланган карвон кўринишидаги умумий узунлиги 700 метр бўлган инсталляция очилди. Очилиш маросимида Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов ва туман ҳокими Даврон Ҳидоятов иштирок этди, дея хабар қилди қўмита матбуот хизмати.

Ҳайкал асосий қисми замонавий Ўзбекистон ҳудудидан ўтган Буюк ипак йўлини ўзида акс эттиради. Композиция қумли саҳро бўйлаб қадам босиб бораётган туялар ва савдогарлар ҳайкалларидан таркиб топган. Композиция муаллифи - ҳайкалтарош Павел Макаров, унга Содиқ Намозов кўмак кўрсатди.

Тадбирда қайд этилганидек, объект янги ишлаб чиқилаётган туристик йўналишларга киритилади. Инсталляциянинг пойтахт меҳмонлари ва фуқаролари манзарасида суратга тушувчи жозибадор объектга айланиши кутилмоқда.