Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 24 ноябрь куни Мудофаа вазирлиги қўшинларида ҳарбий хизматчиларнинг овқатланиши сифатини тубдан яхшилаш тўғрисидаги қарорни қабул қилди.

Norma.uz хабар қилишича, Мудофаа вазирлиги бўлинмалари шахсий таркибининг овқатланиши аутсорсинг асосида, яъни умумий овқатланиш корхоналарини жалб этган ҳолда ташкил этилади.

Мазкур тизим биринчи навбатда сафарбарлик чақируви резервлари батальонлари, ҳарбий таълим ва даволаш муассасаларида жорий этилади.

Хизматлар учун тўловлар Мудофаа вазирлиги томонидан озиқ-овқат маҳсулотларига қўйилган ҳақиқий ўртача бозор нархлари бўйича ўрнатилади. Мазкур нархларнинг чекланган меъёрлари Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимиятлари томонидан тақдим этилади. Аутсорсерлар хизматлари учун устамалар 20 фоиздан ошмаслиги ва барча харажатларни (солиқлар, ходимларнинг ойлик маошлари, транспорт ва бошқа хизматлар) ўз ичига олиши лозим.

Озиқ-овқат сифати ва хилма-хиллиги бўйича талаблар устидан назорат вилоятлар ва пойтахт ҳокимлари томонидан ҳарбий қисмларга ташриф буюрган ҳолда амалга оширилиши лозим. ҳокимлар аутсорсерларга фермер хўжаликлари билан озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олишда тўғридан-тўғри шартномаларни тузишда ҳам кўмак кўрсатади.