Осиё тараққиёт банки Директорлар кенгаши Ўзбекистоннинг қишлоқ туманларида биринчи тиббий-санитар ёрдам сифатини яхшилаш учун 45 млн сўм миқдорида қарз ажратилишини тасдиқлади. Бу ҳақда ОТБ матбуот хизмати хабар қилди.

Хабарда қайд этилишича, мамлакатда бевақт ўлимлар даражасини пасайтириш ва ноинфекцион касалликлардан ҳимоялаш мақсадларида бирламчи тиббий-санитар ёрдамни кенгайтириш зарурати мавжуд.

Бирламчи тиббий-санитар ёрдамни яхшилаш лойиҳаси ОТБнинг 2004 йилдан кейинги соғлиқни сақлаш соҳасидаги биринчи лойиҳаси бўлиб, қишлоқ врачлик пунктлари базасида ташкил этилаётган 793 та янги оилавий поликлиника учун замонавий тиббий ускуналарни тақдим этишни кўзда тутади.

Янги ускуналар шарофати билан Ўзбекистон соғлиқни сақлаш соҳасидаги оғриқли масалалар, хусусан юрак касалликлари даражасини пасайтириш, кўнгилли кузатувларни яхшилаш ва сурункали хасталикларни бартараф этиш каби мураккабликларни енгиб ўта олади.

Лойиҳа доирасида янги поликлиникалардаги тиббий ходимлар малакасини ошириш ва 3000 нафар тиббий технологик ускуналар операторлари, шифокорлар ва ҳамширалар учун тренинглар ўтказиш кўзда тутилган.

Лойиҳа бўйича Сирдарё вилоятидан бошлаб тиббий бошқарув тизимида рақамли ахборот технологияларини синовдан ўтказишни ўз ичига олган асосий мониторинг воситаларини институционаллаштирилади. Натижалардан бутун республикада тиббий хизматлардан фойдаланишни осонлаштириш, қамровини ошириш, аҳоли саломатлиги ва фаровонлиги даражасини юксалтириш учун фойдаланиш режалаштирилмоқда.