Марказий Осиё бу — хавф-хатарлар эмас, балки кўпроқ имкониятларга эга ҳудуд. Бу ҳақда Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш бўйича Самарқандда бўлиб ўтган халқаро анжуманда Европа иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили, Европа комиссияси вице-президенти Федерика Могерини маълум қилди.

«Биз жуда мураккаб ва хавфли даврда, эҳтимол совуқ уруш якунланганидан кейинги энг нозик замонда яшаяпмиз. Мазкур минтақада (Марказий Осиёда — таҳр.) хавф-хатарлардан кўра кўпроқ имкониятлар кўрмоқдаман. Бу иқтисодий ўсиш, хавфсизликни таъминлаш, Марказий Осиёни ҳамкорликда ривожлантириш учун имкониятдир», — деди у.

Европа кенгаши Марказий Осиё давлатлари билан минтақавий интеграция бўйича тажрибаларини ўртоқлашишга тайёр, деди Еврокомиссия вице-президенти.

«ЕИ нафақат ўз билим ва тажрибаларини ўртоқлашишга тайёр, балки минтақани ва ҳар бир давлатлатни ҳамкорлик йўлида бизда мавжуд бўлган барча воситалар билан қўллаб-қувватлашга ҳам тайёр», — дея таъкидлади Федерика Могерини.

Томонлар глобал таҳдидлар — иқлим ўзгариши, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, сув ресурсларини бошқариш масалаларига коллектив жавоб топишда бир-бирига кўмаклашиши зарур.

«Биз тўқнаш келаётган хавф-хатарларнинг катта қисми халқаро чегаралар доирасидан чиқмоқда. Минтақавий ва халқаро ҳамкорликдан бошқа чорамиз йўқ. Жумладан, бу хавфсизлик масалалари — бу Эрон ядро дастури, Афғонистонда тинчлик жараёнини қўллаб-қувватлаш, ёшларнинг радикаллашуви ва бошқаларга алоқадор», — деди Евроиттифоқ олий вакили.

Федерика Могерини Европами ёки Марказий Осиё, қаерда бўлмасин, «хилма-хиллик ва плюрализм бизнинг жамиятимизни янада кучлироқ қилади», — деди. У ОАВнинг мустақиллиги, барча учун инсон ҳуқуқларининг таъминланганлиги ва иқтисодиётнинг жозибадор бўлиши муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтди.

Еврокомиссия вице-президенти ёшларнинг ЕИ ва Марказий Осиё давлатлари ҳамкорлиги имкониятларидан фойдаланиши аҳамиятини қайд этиб ўтди. «Ёшларимизнинг ҳамкорлигимиз имкониятларидан фойдаланишлари мен учун ёқимли. 2015 йилдан буён минглаб марказий осиёлик тадқиқотчилар ва талабалар ЕИда ўқиш ва ишлаш имкониятига эга бўлди. Ўйлайманки, бу айни пайтдаги ва келгусидаги ҳамкорлигимизнинг энг мустаҳкам асосидир».