Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 25 октябрь куни давлат ташрифи билан Туркияга борди. Бу Ўзбекистон раҳбарининг 18 йил ичида Туркияга қилган биринчи сафаридир.

ЎзА хабарига кўра, Шавкат Мирзиёев Анқарада Аниткабир ёдгорлик мажмуасига ташриф буюриб, Туркиянинг биринчи Президенти Мустафо Камол Отатурк хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдўғон музокараларида Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди, минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашилди.

Президентлар мулоқотни икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида давом эттирдилар. Музокарада савдо, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт, туризм, илм-фан ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Туркия Республикаси Ўзбекистон давлат мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган. 1996 йилда мамлакатлар ўртасида Абадий дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланган.

2016 йилда ўзаро савдо ҳажми 1,2 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Жорий йилнинг тўққиз ойида товар айирбошлаш ҳажми 29 фоизга ошди. Мамлакатимизда Туркиянинг 500 га яқин фирма ва компанияси фаолият юритмоқда. Шу йилнинг ўзида юртимизда ушбу мамлакат сармояси иштирокида 20 дан ортиқ корхона ташкил этилди, 53 компаниянинг ваколатхоналари аккредитация қилинди.

Музокарада ўзаро ҳамкорликда ҳали фойдаланилмаган имкониятлар кўплиги, ушбу ташриф икки мамлакат вазирлик ва идоралари, ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқалар ривожига янги суръат бахш этиши таъкидланди.

Музокаралар якунида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорликнинг турли соҳаларига доир 20 дан зиёд ҳужжат имзоланди. Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Режеп Таййип Эрдўғон давлат раҳбарларининг Қўшма баёнотини имзоладилар.

Бундан ташқари, савдо, саноат, банк-молия, инвестиция, туризм, юк ташиш, соғлиқни сақлаш, кадрлар тайёрлаш, мудофаа ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришга доир қатор ҳужжатлар қабул қилинди.

Ташрифнинг иккинчи куни Шавкат Мирзиёев Истанбулга сафар қилади. Бу ерда Ўзбекистон-Туркия бизнес-форуми бўлиб ўтади.