Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда БМТТД «Самарали давлат бошқаруви ва рақамли транформацияни ривожлантиришда ҳамкорлик» лойиҳасини ишга туширди. Бу ҳақда БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги идораси «Газета.uz"га хабар қилди.

Мазкур ташаббус давлат бошқарувини ислоҳ қилиш, электрон ҳукуматни ривожлантириш ва сифатли давлат хизматларини тақдим этишда ҳукуматга кўмаклашишга қаратилган.

Лойиҳа 2017 йил октябридан 2020 йил декабрига қадар давом этади. Унинг бюджети 1,2 млн долларни ташкил этади.

Қуйидагилар лойиҳанинг асосий йўналишлари этиб белгиланди:

  • самарали давлат бошқаруви ва электрон ҳукумат соҳаларида ахборот-таҳлилий материалларни тайёрлашда кўмаклашиш;
  • ҳуқуқий ахборотлар ва давлат хизматларидан фойдаланишни яхшилаш;
  • ахборот технологиялари, муҳандислик фанлари ва электрон ҳукумат соҳаларида миллий салоҳиятни ривожлантириш.

Лойиҳа Lex.uz ҳуқуқий ахборотлар порталини такомиллаштириш, «Ўзархив» агентлиги корпоратив ахборот тизимини яратиш, электрон хизматлар ва мурожаатлар статистикасини йиғиш ва таҳлил қилишни яхшилашни кўзда тутади.

Лойиҳа ишида миллий ҳамкорлар — «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш маркази, Тошкентдаги Инҳа университети, Мирзо Улуғбек инновацион маркази, шунингдек халқаро ҳамкорлар — Европа кенгаши делегацияси, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, KOICA ва бошқалар жалб қилинади.