Ўзбекистон Иқтисодиёт вазирлиги мамлакат ҳудудига олиб кириладиган маҳсулотларга божхона божи ва акциз солиғи ставкаларини қайта кўриб чиқиш бўйича Президент қарори лойиҳасини тайёрлади. Янги ставкаларнинг 1 октябрдан кучга кириши режалаштирилган.

Ставкалар (таклиф этилаётган ўзгаришларнинг тўлиқ рўйхати Excel файлда) валюта сиёсати эркинлашуви шароитида ички бозорда аҳоли истеъмол талабларини қондириш ва нархларнинг сунъий равишда ошишига йўл қўймаслик, шунингдек миллий ишлаб чиқарувчиларга зарур қурилма ва бутловчи қисмлар, хом ашё ва материалларни олиб кириш учун қулай шароитлар яратишга йўналтирилган.

Лойиҳада нефть ва нефть маҳсулотлари, йирик ва майда шохли қорамоллар, қорамол гўшти, балиқ маҳсулотлари, сут, картошка, ёрмалар, ун ва бошқа товарлар учун импорт божини тўлиқ бекор қилиш таклиф этилган. Импорт автомобиллар учун божлар ўзгаришсиз қолган.

Қатор маҳсулотлар учун акциз солиғини пасайтириш билан биргаликда, кўплаб турдаги божлар миқдорини пасайтириш ҳам таклиф этилмоқда.